Россия суди «СССРнинг сўнгги маньягини» муддатидан олдин озод қилмади
0
59
Россиянинг Вологда шаҳри суди умрбод қамоқ жазосини ўтаётган ва «СССРнинг сўнгги маньяги» номи билан танилган Дмитрий Гридинни муддатидан олдин озод қилмаслик ҳақида қарор чиқарди.
Гридин 1989 йилда уч нафар ёш аёлни ўлдириб, танасини майдалаган.
9 март куни Вологда вилоят суди матбуот хизмати Гридин қамоқ жазосини ўтар экан, ҳибсхоналарда ички тартибни 24 марта бузгани учун уни озод қилмаслик ҳақида қарор чиқарилганини билдирди.
Гридин 1989 йилда ҳибсга олинган. 1990 йилда суд уни Магнитогорск шаҳридаги турар-жой бинолари лифтларида уч нафар ёш аёлни ўлдиришда ва уларнинг танасини бўлак-бўлак қилишда айбдор деб топган ва ўлим жазосига ҳукм қилган.
Шунингдек, у яна тўрт аёлни ўлдиришга уринишда айбдор деб топилган.
Кейинчалик унга чиқарилган ўлим жазоси ҳукми умрбод қамоқ жазосига ўзгартирилди.
Гридин Совет Иттифоқида маҳкамага тортилган сўнгги сериал қотил бўлиб, Магнитогорскда кўпчилик уни оммавий равишда қатл қилишни талаб қилган.