15 февралдан Тошкент-Омск йўналишида автобус қатнови бошланади
0
29
Шу йилнинг 15 февралидан Тошкент-Омск йўналишида мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилади.
Транспорт вазирлигига кўра, мазкур йўналишда Uzautotrans Service корхонаси автобуслари қатнайди.
Автобуслар ҳафтанинг сешанба ва шанба кунлари кечки соат 18:00да “Тошкент” автовокзалидан йўлга чиқиб, Омск шаҳрининг “Комарова” автовокзалига йўл олади.
Икки шаҳар ўртасидаги масофа 2 минг 200 км. Автобуслар бу йўлни 32 соатда босиб ўтади. Мазкур йўналиш бўйича чипта нархи 450 000 сўм бўлади.
Транспорт вазирлиги 2019 йилнинг 19 декабрдан “Тошкент – Москва – Тошкент” йўналишида мунтазам автобус қатновини йўлга қўйганди.
У йўналишда ҳам Uzautotrans Service корхонаси хизмат кўрсатмоқда. Йўналиш бўйича чипта нархи 900 000 сўм.
Айни пайтда, Россиянинг Нижний Новгород ва Қозон шаҳарларига ҳам Ўзбекистондан мунтазам автобус қатнови йўлга қўйилган.
Бу қатновлар 2018 йилнинг 18 январида Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида автобусда кетаётган 52 нафар Ўзбекистон фуқароси тириклайин ёниб кетганидан сўнг йўлга қўйилди.
Воқеа жамоатчиликда қаттиқ норозилик уйғотган, меҳнат муҳожирларининг ўта оғир шароитда Россияга қатнаётгани танқидларга сабаб бўлганди.
Шундан сўнг, ҳукумат Россияга автобус, поезд ва учоқ орқали қатновни кўпайтириш ҳамда арзонлаштиришга оид қатор қарорларни қабул қилган.