Тожикистонлик 200 дан зиёд меҳнат муҳожири Москва аэропортида қолиб кетди
0
22
Росавиация Тожикистоннинг “Сомон Эйр” авиаширкатига 1 ноябрга ўтар кечаси Москвадан Душанбега иккита чартер қатновини амалга оширишга рухсат бермагани учун 200 дан зиёд тожикистонлик Домодедово аэропортида қолиб кетди. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати хабар қилди.
“Биз учун рейсларнинг бекор қилиниши мутлақо кутилмаган ҳол бўлди. Жуда хафа бўлдик, чунки кўпчилигимиз бу авиачипталарни катта қийинчиликлар билан қўлга киритгандик”, деди Зоиршо исмли йўловчилардан бири.
Унга кўра, тожикистонликлар кейинги рейс келгунича аэропортида қолиш ниятидалар. Аэропорт ходимлари йўловчиларга “коронавирус хавфи” туфайли парвозлар бир неча кунга тўхтатилганини билдирганлар.
Тожикистон Транспорт вазирлигининг исми ошкор этилишини истамаган ходимларидан бири Озодликнинг тожик хизматига Москвадан Душанбега иккита чартер рейсини амалга ошириш бўйича россиялик мутасаддилар билан музокаралар узоқ давом этгани, бироқ Россия томони охир-оқибат “Сомон Эйр” авиаширкатига парвоз учун рухсат бермаганини айтган.
“Москваликлар Тожикистонга учадиган чартер рейсларидан ярмидан кўпи Россия авиаширкатлари томонидан амалга ошириши лозимлигини таъкидлашмоқда. Бу Тожикистон авиаширкатлари учун манфаатли эмас. Аммо, умид қиламизки, бу муаммо яқин орада ҳал этилади”, деди вазирлик ходими.
Тожикистон бошқа мамлакатлар билан ҳаво қатновини коронавирус пандемияси важидан март ойи охиридан тўхтатган, бунинг натижасида минглаб тожикистонлик Россия ва дунёнинг бошқа мамлакатлардаги аэропортларда қолиб кетган.
Тожикистон билан Россия ўртасида ҳаво қатнови қачон тикланиши ҳозирча маълум эмас. Тожик расмийлари Россияга мунтазам қатновларни қайта тиклашга июль ойидаёқ тайёр эканларини билдириб, Москвага расмий мурожаатнома йўллаганлар.
Ўшандан буён Россияда қолиб келган тожикистонликларни ватанига қайтариш учун фақат чартер рейслари амалга оширилган, холос. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги аввалроқ “Сомон Эйр” авиаширкати учоқлари 9 октябрдан 31 октябргача муҳожирларни ватанга қайтариш бўйича 100 дан ортиқ рейс амалга оширишни режалаётганини маълум қилган.
Тожикистон расмийларига кўра, апрель ойидан октябрь ойигача чартер рейслари билан мамлакатга 70 мингга яқин тожикистонлик қайтарилган.