Тожикистонлик 17 яшар ўсмир қутуриш касалидан вафот этди…
Бу фожиа Москва вилоятида кузатилди. Тожикистонлик 17 ёшли Амриддин исмли йигит шу йил феврал ойида Россияга ишлаб пул топиш учун келганди. Отаси Москва яқинидаги Можайск шаҳарчасида яшаши боис аввал отасининг ёнига жойлашди. Лекин иш қидиришлар фойда бера қолмади. Шунда Красногорскдаги дўстининг квартирасига борди. Амриддин мўмай даромад берадиган иш топишни ният қилганди. Нияти амалга оша қолмади. Бу орада вақтинчалик рўйхатда туриш муддати ҳам тугади. Аммо у ватанга қайтмади. Иш қидиришда давом этди.
Хасталикнинг илк белгиларини эса 11 июлда ҳис этди. Иситмаси кўтарилиб кетди. Бироқ эртаси кунигина врачга учрашди. Доктор Амриддиннинг ҳолатида шамоллаш негадир шубҳали эканини пайқади. Чунки йигитни кучли ёруғлик асабийлашишга мажбур этар, шовқиндан оёқларининг томирлари тортишиб қолаётганди. Врач сира ўйлаб ўтирмай, «қутуриш» ташҳисини қўйди-ю, Амриддинни касалхонага юборди.
Хасталик стандарт сценарий бўйича ривожланиб бораверди. Охир оқибат Амриддинда шоллик даври бошланди. Врачлар суриштиришди. Қаерда ит ёки мушук тишлаганини эслашга ундашди. Аммо Амриддин ҳеч қачон уни ит тишламаганини айтишда давом этди.
Врачлар тахмин қилишдики, Амриддин камида бир йил олдин бу хасталик вирусини юқтирган. Юқтириш учун ит ёки бошқа қутурган ҳайвон тишлаши шарт эмаскан. Кетаётиб қутурган ҳайвоннинг сўлагини ялангоёқ ҳолда босиб олиши кифоя қиларкан. Амриддин худди шу тарзда касаллик юқтирган бўлиб чиқди. Афсуски, кеч эди. Врачлар қанча ҳаракат қилишмасин, Амриддиннинг ҳаётини сақлаб қола олишмади. У якшанба куни Москва шаҳридаги касалхоналардан бирида вафот этди.