«Қонундаги ўғри»ларнинг кушандалари жиноий жавобгарликка тортилди…
Яқинда Москва округ суди «Емели тўдаси» деб номланган уюшган жиноий гуруҳнинг етти аъзосига нисбатан ҳукм эълон қилди. Эслатиб ўтамиз, бу жиноий гуруҳни «қонундаги ўғри» Николай Емельянов тузган ва етакчилик қилган.
Гуруҳ аъзоларидан Игорь Галанцев ҳамда Сергей Новгородовлар бир умрга озодликдан маҳрум этилди. Бундан ташқари, улар бир миллион рублдан миқдорда жарима ҳам тўлаб қўйишлари керак бўлади.
Геннадий Баранов деган жиноятчи 21 йилга қамалди. У 400 минг рубл жарима ҳам тўлайди. Петр Турлаев ҳам 21 йилга озодликдан маҳрум этилди. Игорь Семенов 19 йилни бўйнига илди, 300 минг рубл жарима ҳам тўлайдиган бўлди. Андрей Гуров, Олег Терешинлар 18 йилданга қамалди. Бири 300, иккинчиси 200 минг рубл миқдордаги жаримага тортилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, «Емели тўдаси» уюшган жиноий гуруҳ аъзолари уларга жиддий халал бергани учун шу кунга қадар олти нафар «қонундаги ўғри»нинг бошига етган. Яна Брянск, Смоленск, Калуга вилоятларида 60 дан ортиқ одамнинг ёстиғини қуритган.
«Емеля» лақаби билан жиноят оламида машҳур бўлган Николай Емельянов анчадан бери қидирилмоқда. Унинг қаердалигини айтган одамга Россия ички ишлар вазирлиги 1 миллион рубл мукофот эълон қилган.